МИЛЛАТГА МИЛЛАТ ҚАСД ҚИЛСА(3)
Маданиятлар туташган манзилларБугунги дунё манзарасини кузата туриб, америкалик таниқли сиёсатшунос Самюэль Ҳантингтоннинг Учинчи жаҳон уруши ҳақидаги каромати тўғримикан, деган хаёлга ҳам борасан, киши. “Менинг фикримча, – деб ёзган эди у, – янги шакллана-ётган дунёда ихтилофлар манбаи мафкура ҳам, иқтисод ҳам бўлмайди. Инсониятни ажратиб турган қалтис чегара ва асосий ихтилоф манбаи маданият бўлиб қолади. Миллий давлатлар халқаро муносабатларда бош иштирокчи мақомида қолса-да, глобал сиёсатнинг энг йирик ихтилофлари турли миллат ва тамаддунга мансуб гуруҳлар ўртасида юз беради. Ушбу тамаддунларни ажратиб турувчи чизиқлар келажакда фронт чизиқлари бўлади”. (Хантингтон С. Столкновение цивилизаций и преобразование мирового порядка // Новая постиндустриальная волна на Западе: Антология / Под ред. В.Л.Иноземцева. – М., 1999. – Cтр.532). Бироқ, таажжубки, миллий-маданий ихтилофлар алоҳида жамиятлар ичида ҳам содир бўлмоқда. Бунга мисол қилиб айрим ислом мамлакатларидаги шиа-сунний ихтилофларини, Туркия, Исроил ва Ҳиндистонда кўп йиллардан буён давом этаётган, Миср, Сурия каби араб мамлакатларида эса кейинги вақтларда авж олган дунёвий бирлашмалар билан диний ҳаракатлар ўртасидаги тўқнашувларни, Жанубий Африка республикасида “Африка ренессанси” боис юзага келган тангликлар ҳамда 2010 йил июнида Қирғизистонда содир бўлган қирғиз-ўзбек зиддиятларини тилга олиш мумкин.